«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази сайти ўзбек тилида хатолар билан ишга тушди

27.11.2014
egovernment.uz'дан скриншот

egovernment.uz’дан скриншот

Ноябрь ойида маҳаллий Pixel Craft компанияси билан ҳамкорликда egovernment.uz манзилида «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази сайти ишга тушди. Бу ҳақда Infocom.uz хабар бермоқда.

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил сентябрдаги қарорига асосан Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузурида ташкил этилган.

Сайтнинг бош саҳифаси шартли равишда тўртта асосий йўналишга – G2C (Давлат – Фуқароларга), G2B (Давлат – Тадбиркорликка), G2F (Хорижий фуқароларга), G2G (Давлат – Давлатга (Ҳукумат билан алоқа))га бўлинган.

«Сайт Ўзбекистон давлат органлари сайтларига қўйилган замонавий талаблар асосида ишлаб чиқилган, мобил версияга, шунингдек, кўзи ожизлар учун версияси бор», – дейилади Infocom.uz хабарида.

Сайт уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият олиб боради. «Инглиз тилидаги версияда барча бўлимлар ҳали тегишли маълумотлар билан тўлдириб бўлинмаган», – дейилади Infocom.uz хабарида.

Қайд этиш жоиз, камчиликлар сайтнинг фақат инглиз тилидаги версиясида кўзга ташланмайди. Бош шиор сифатида танланган ва марказ логотипи остига жойлаштирилган, рус тилида «Прозрачный и эффективный диалог» деб ёзилган гап ўзбек тилига «Самарали ва ёрқин суҳбат» деб таржима қилинган, аслида «Шаффоф ва самарали мулоқот» дейилганда мақсадга мувофиқ бўларди.

egovernment.uz'дан скриншот

Сайтнинг ўзбек тилидаги бош саҳифасидаёқ бир қатор камчиликларга кўз тушади, хусусан, аслида «Яхши кўролмайдиганлар учун талқин» деб ёзилиши керак бўлган тугма «Талқин учун яхши кўролмайдиганларни» деб ёзилган, ўзбек версияси лотин ёзувида бўлгани ҳолда, қидирув қаторига кирилл ёзувида, хато билан «Кидирув» деб ёзилган ва тугма қўйилган.

egovernment.uz'дан скриншот

Сайтнинг ўзбек версиясида марказ янгиликлари блокида рус тилидаги хабарлар, кирилл ўзбекчасида жойлаштирилган хабарлар айланиб турибди. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали учун ажратилган блокда ҳам хизматлар номи рус тилида келтирилган, «Фойдали ҳаволалар» блокида ҳам ҳаволалар рус тилида кўрсатилган.

egovernment.uz'дан скриншот

2014 йил майида қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга асосан, «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин». «Давлат тили ҳақида»ги қонун 1-моддасига асосан, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир».

egovernment.uz'дан скриншот

Маълумот учун, «Электрон ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг стратегик йўналишларини, шу жумладан жаҳон тенденцияларини ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил ва тадқиқ қилиш асосида ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказида 150 киши ишлайди.


Источник:  http://kun.uz/2014/11/27/egov-3/


Все новости